Ўзбекистон бўйлаб велосаёҳат
«Газета.uz» мухбири Ўзбекистон бўйлаб велосаёҳатни мамлакат мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлади.
«Газета.uz» мухбири Санжар Рустамов Ўзбекистон бўйлаб велосаёҳат уюштирди. Тошкент шаҳридан бошлаган саёҳат мамлакат мустақиллигининг 25 йиллиги байрами арафасида ўз якунига етди. Саёҳат давомида дастлаб Чорвоқ сув омборигача 85 километрлик масофа босиб ўтилди. Шундан сўнг Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Бухоро ва Хоразм вилоятларига сафар уюштирилди. Қуйида мухбиримизнинг ҳикояси билан танишиш мумкин.
image

Текис ва равон йўллар орқали бир-биридан обод, гўзал ва мафтункор шаҳару қишлоқлар, боғ-роғ, далалар, Сирдарё, Зарафшон, Сангзор, Оқдарё, Қорадарё, Амударё каби катта-кичик дарёлар, Мирзачўл, Малик, Қизилқум чўллари орқали 16 кун деганда жами 1600 километрдан кўпроқ масофани босиб ўтиб, Урганч шаҳрига кириб бордим.

Жиззах, Самарқанд, Нурота, Навоий, Бухоро, Хазорасп, Хива ва Урганч сингари шаҳарлардаги кўплаб қадамжолар, зиёратгоҳлар, тарихий ёдгорликларда бўлиб, уларнинг қурилиши, тарихи ва халқимиз ҳаётида тутган ўрни билан қизиқдим. Саёҳат мобайнида Бўстонлиқ туманидаги интенсив боғдан узилган олмалар, Мирзачўлнинг мазали қовунлари, Нурота йўлида даштда етиштирилган тарвуз, Бухоро боғларидан ўз қўлим билан узиб олган шафтолининг таъми бир умр ёдимда қоладиган бўлди. Ҳар бир шаҳару қишлоққа кириб борар эканман, у ерда истиқомат қилувчи кишилардан ўзлари яшаётган жойнинг ўзига хос жиҳатлари, тарихий қадамжолари, энг тотли таомлари ва бошқа қизиқтирган маълумотларни сўраб олдим, интернет, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларидан маслаҳат сўрадим. Бу эса ҳар бир сафаримнинг ёдда қоларли, таассуротларга бой бўлишига хизмат қилди.

image

Сафар мобайнида кўплаб инсонлар билан яқиндан танишиб, дўст тутиндим, турли ёш, турли касбдаги, бир-биридан ажойиб, самимий инсонлар билан суҳбатлашдим, ўнлаб яхши инсонларнинг хонадонида меҳмон бўлдим. Тошкентдан масофа қанчалик узоқлашиб борса, кишиларнинг ҳайрати ҳам шунча ортар, катта сафарга ёлғиз чиқиш сабаби, бундан қандай фойда, даромад борлиги билан қизиқар эди. «Шунчаки, Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига ўз совғам», — деган жавобни эшитганида эса: «Қойил, раҳмат-э, шижоатингизга, иродангизга балли», — дея муносабат билдирганлар кўп бўлди.

image

Қизилқум чўли орқали ўтган уч кунлик саёҳат йўлнинг энг қийин ва мураккаб қисми бўлди. Тўғри, Газли шаҳридан Тўрткўлгача текис ва равон янги йўл қурилиб, фойдаланишга топширилган. Ҳар 10−20 километрда ошхона, йўл қурувчиларининг кўчма посёлкалари ва кичик қишлоқ ҳамда овуллар учраб туради. Саҳрода ўсган саксовул, жинғил каби буталар иссиқдан яхшигина сақлайди. Аммо бутун чўл давомида қарши томондан эсиб турган шамол ҳаракатланишни бир оз қийинлаштириб турди. Икки оқшом йўл четидаги ошхоналарда ётиб қолиб, куннинг салқин вақтларида ҳаракатланиб, эсон-омон чўлдан чиқиб олдим.

image

Саёҳат давомида қайси шаҳар, қайси қишлоққа кириб бормай, у ерда катта қурилишлар, янгиланишларга гувоҳ бўлдим. Айниқса, шаҳарларнинг икки четида кўп қаватли кўркам бинолар қурилган равон йўллари, қишлоқлардаги намунали уйлар, мактаб, коллеж ва касалхоналарнинг муҳташам бинолари, завод ва фабрикалар, гуркираб турган боғу далалар, мен суҳбатлашган юзлаб инсонларнинг кўтаринки кайфияти, баланд иштиёқи Ўзбекистоннинг чорак аср давомида катта тараққиёт йўлини босиб ўтгани, бунёдкорлик ишлари яна давом эттирилишидан далолат беради. Комил ишонч билан айтишим мумкинки, Ўзбекистоннинг истаган бурчагидан хоҳлаган бурчагига хоҳ пиёда, хоҳ велосипед, хоҳ бошқа транспортда борманг, хавфсизлигингиз, тинчлигингиз ҳақида заррача қайғурмайсиз, бир кун бўлса-да кўчада қолиб кетиш ёки очлик ва чанчоқдан азият чекмайсиз. Шукурки, юртимиз дунёнинг энг тинч, фаровон давлатларидан, халқимизнинг меҳмондўстлиги ва бағрикенглигига ҳам ортиқча таъриф беришга ҳожат йўқ.

image

Велосипедда узоқ саёҳатга чиқишнинг ўзига яраша қийинчиликлари бўлиши билан бирга, гашти, завқи ҳам бошқача. Унда воқеалар кўз ўнгингдан бир зумда ўтиб кетмайди. Айниқса, кўзлаган манзилингга етиб борганингда йўл чарчоқлари тезда ёддан чиқиб, мамнунлик, иштиёқинг ортади, ўзингда ишонч ва қатъият туйғуларини ҳис этасан. Узоқдан кўриниб турган тоғ ёки тепаликка чиққанингда ёки кимсасиз чўлни босиб ўтганингда ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайдиган ишни амалга оширганинг учун қалбингда туядиган гашт, сурурни эса таърифлаб бўлмайди. Буни фақат амалга оширибгина англаш мумкин.

image

Гоҳида бу тинчлик, ободлик ва фаровонлик ўз-ўзидан эмаслиги, унинг ортида неча инсонларнинг бедорлиги, қатъияти ва жасорати ётгани ҳақида мушоҳада юритаман. Иссиқ тушиб кетса ҳам кўзлаган манзилга етиб олиш истагида педаль айлантирар эканман, Ватан чегарасида турган аскар, ўз даласида халқ ризқини етиштираётган деҳқон, чорва молларини боқаётган чўпон, йўл қураётган йўлсознинг қанчалар жасорат, матонат эгаси экани тўғрисида фикр юритаман. Уларнинг сабру матонати эвазига-ку шу тинчлик, шу тўкин-сочинлик, шу равон йўллар…

image

Сўзим ниҳоясида кўзлаган мақсадимга эришишда мени қўллаб-қувватлаб турган барча инсонларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Аниқ ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон тинчлиги, унинг равнақи ишончли қўлларда, барчамизга Мустақиллик байрами муборак бўлсин!
https://www.gazeta.uz/uz/2016/09/02/velosayohat/

Фотоалбом

Izohlar (0)


  • Izohlar mavjud emas



Izohlash

Izoh qo'shish uchun avtorizatsiyadan o'tish loziм


Ro’yxatga qaytish